Қарорга кўра, иш берувчиларга ўзини ўзи банд қилган шахсларни касаначи сифатида жалб қилишга рухсат берилди [https://t.me/huquqiyaxborot/13273]. Яъни, ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари (19 та) рўйхати тўлдирилди. 2023 йил 1 мартдан 2026 йил 1 январгача 3 ойдан кўп 30 тадан ортиқ касаначиларни жалб қилган ва у асосида ишлаб чиқарган маҳсулотлардан олган даромади жами даромадининг 60 фоизидан кўпни ташкил этган тадбиркорлар учун: > * фойда ва айланмадан олинадиган солиқнинг солиқ базаси 50 фоизга камайтирилиб ҳисобланади; > * айрим давлат мулкиларидан фойдаланганлик учун ижара тўлови 50 фоиз миқдорда белгиланади; > * давлат харидлари доирасида тузиладиган шартномаларда буюртмачилар томонидан 50 фоиз олдиндан тўлов амалга оширилади. “Уста-шогирд” мактаблар ўқувчилари ижтимоий солиқни ўзини ўзи банд қилган шахслар учун белгиланган тартибда тўлайди. Кам таъминланган оилаларга болалар пули ва моддий ёрдам беришда уларнинг касаначилик ёки қишлоқ хўжалигига мавсумий жалб қилинган 6 ойгача бўлган даврда олган даромадлари инобатга олинмайди. Қарорга кўра, Касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилиб, 2023 йил 1 мартдан Жамғарма ҳисобидан: тадбиркорларга ҳар бир касаначининг дастлабки 3 ой давомидаги фаолияти учун 1 ойлик даромади миқдорида бир марталик субсидия ажратилади; тадбиркорларга қуйидаги субсидиялар ажратилади: 2025 йил 1 январгача касаначилик билан шуғулланаётган ишсиз ва иш қидираётган, ижтимоий дафтарларга киритилган фуқароларга асбоб-ускуналар ва хомашё харид қилиш учун БҲМнинг 30 бараваригача; касаначилик асосида уйда ишлаётган ногиронларнинг иш жойини мослаштириш учун БҲМнинг 40 бараваригача; касаначиларни касб-ҳунарга ўқитишг учун БҲМнинг 2 бараваригача. Ҳоким ёрдамчилари тавсияси асосида тадбиркорларга айланма маблағларини тўлдириш учун: > ҳар бир касаначи учун 2 млн сўмгача, жами 300 млн сўмгача йиллик 14 фоиз, 6 ойгача имтиёзли давр билан 3 йилгача кредит > ажратилади; > > Жамғарма ҳисобидан ҳар бир касаначи учун 1 млн сўмгача, жами 150 млн сўмгача 2 йилгача муддатга фоизсиз ссуда ажратилади. 2023 йил 1 июнгача давлат улуши мавжуд савдо мажмуалари ва деҳқон бозорларида ҳунармандчилик ва касаначилик расталари ташкил этилади.