Перунинг собиқ президенти 14 йилга қамалди
У 2011–2014 йилларда тендер жараёнларида коррупцияга қўл урганликда айбланмоқда.

Перу Республикаси суди мамлакатнинг собиқ президенти Мартин Визкаррага нисбатан коррупция айбловлари бўйича ҳукм чиқарди. Суд қарорига кўра, собиқ давлат раҳбари 14 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
РПП радиостанцияси маълумотларига кўра, тергов Визкарра 2011–2014 йилларда Моқуэгуа регионига раҳбарлик қилган даврида инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш учун эълон қилинган тендерларда иштирок этган айрим компаниялардан пора олганини аниқлаган.
Мартин Визкарра унга қўйилган барча айбловларни рад этиб, суд ҳукмини адолатсиз деб баҳолади.
Маълумот ўрнида, Мартин Визкарра 2018–2020 йилларда Перу Республикасига президентлик қилган.







