Португалия парламенти жамоат жойларида диний ёки гендер сабабларга кўра юзни тўлиқ беркитувчи кийимларни тақиқловчи қонун лойиҳасини маъқуллади. Бу ташаббус ўта ўнгчи “Чега” партияси томонидан илгари сурилган бўлиб, у асосан баъзи мусулмон аёллар кийадиган бурқа ва ниқоб кийимларига қарши қаратилган, деб хабар беради TheIns.ru.
Қонун лойиҳасига кўра, тақиқ мамлакатдаги аксарият жамоат жойларига татбиқ этилади. Бироқ, самолётлар, дипломатик ваколатхоналар ҳамда диний маросимлар ўтказиладиган жойлар бундан мустасно бўлади. Қоидани бузган шахсларга 200 дан 4000 евроғача миқдорда жарима қўлланади.
Ҳужжат президент Марселу Ребелу де Соуза томонидан имзолангандан сўнг кучга киради. Давлат раҳбари қонунни имзолаш, вето қўйиш ёки Конституциявий судга кўриб чиқиш учун юбориш ҳуқуқига эга. Агар ҳужжат тасдиқланса, Португалия Австрия, Франция, Белгия ва Голландия сингари юзни тўлиқ ёки қисман ёпишни тақиқлаган Европа мамлакатлари сафига қўшилади.
“Чега” партияси вакилларининг таъкидлашича, бу ташаббус Европа Иттифоқидаги бошқа давлатлар тажрибасига асосланган. Уларнинг фикрича, юзни яшириш инсонларни, хусусан аёлларни, жамиятдан ажратиб қўяди ҳамда тенглик ва инсон қадр-қимматига зид ҳисобланади. Шунингдек, Португалияда бу турдаги кийимлар кенг тарқалмаган бўлса-да, масала Европада кескин ижтимоий мунозараларга сабаб бўлмоқда.


