Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида сунъий интеллект асосида ишловчи робот-итлар кўчаларда патруллик фаолиятини бошлади. Бу ҳақда Global Times нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, робот-итлар ҳозирда синов жараёнидан ўтказилмоқда. Улар ой охиридан бошлаб маҳаллий полиция таркибида доимий хизматга жалб этилиши режалаштирилган.
Сунъий интеллект тизими, юқори аниқликдаги камералар ва ҳаракат сенсори билан жиҳозланган ушбу роботлар атроф-муҳитни мустақил таҳлил қилиб, реал вақт режимида қарор қабул қилиш имкониятига эга.
Ҳуқуқ-тартибот органлари робот-итлардан, хусусан, тақиқланган жойларда тўхтаган транспорт воситаларини аниқлаш, жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни назорат қилишда фойдаланишни мақсад қилган.
Мутаҳассисларнинг таъкидлашича, бу лойиҳа Хитойда хавфсизликни таъминлаш тизимини автоматлаштириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.


