Президент Фарғонадаги сайловолди учрашувда жадидларни эслаб ўтди
Шавкат Мирзиёев айни пайтда Фарғона вилоятида сайловчилар билан учрашув ўтказмоқда.


Президент учрашувда:
“Ўтган асрда 100 минг юртдошимиз қатағон қилинган. Улар билган, иккита Ренессансни қила олган халқнинг зиёлиларини атай йўқ қилган. Биз юртимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишга ҳаракат қиляпмиз. Ҳеч шубҳасиз, агар мустамлака тузумининг қатағон сиёсати бўлмаганида, ушбу Ренессансни маърифатпарвар жадид боболаримиз яратган бўлар эди”, - деди.
Шавкат Мирзиёев Фарғона жадидларининг маънавий отаси - Зокиржон Фурқат ижодини кенг оммалаштириш Қўқон шаҳри марказидаги Фурқат боғида шоирнинг ҳайкалини ўрнатиш бўйича таклиф билдирди.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Ашурали Зоҳирийни ёдга олди:
“Юртимизда илк бор “Ўзбек тили” дарслигини яратган атоқли олим, журналист ва таржимон, жамоат арбоби Ашурали Зоҳирий бўлганини сизлар албатта яхши биласизлар. Бутун умрини эл-юртни, миллатимизни маърифатли ва маданиятли қилишга бағишлаган, 1937 йили “халқ душмани” сифатида қатағон қурбони бўлган бу бетакрор инсоннинг хотирасини муносиб қадрлаш, номини абадийлаштириш учун зарур чора-тадбирларни амалга оширсак, ўйлайманки, тарихий адолат қарор топади”.
Бундан аввал, Президент вилоятда канализация ва иссиқлик таъминоти тизимлари етарли ривожланмаганлигини айтганди.
Чўлпоной Аҳмедова







