"Вилоятда канализация ва иссиқлик таъминоти тизимлари етарли ривожланмаган" — Шавкат Мирзиёев
ЎзЛиДеПдан кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёевнинг фарғоналик сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтмоқда.


Президент Фарғонадаги энг долзарб масалаларни санади:
- Вилоят аҳолиси сони ва унинг ўсиш суръати бўйича мамлакатимизда энг юқори ўринларни эгаллайди (аҳоли сони 3 миллион 850 минг нафар). Бугунги кунда 20 мингга яқин оила уй-жойга муҳтож.
- Ҳар йили 30 мингдан зиёд янги оилалар ташкил бўлиши ҳам уй-жойга бўлган талабни оширмоқда.
- Сўх, Олтиариқ, Тошлоқ, Қувада ичимлик суви таъминоти даражаси 50 фоиздан паст. Риштон, Бешариқ, Қўштепа, Ёзёвон, Ўзбекистон туманларида ҳам, аҳвол яхши эмас.
-Вилоятда канализация ва иссиқлик таъминоти тизимлари етарли ривожланмаган.
- Фарғона, Қўқон, Марғилон ва Қувасой шаҳарларининг марказлашган иссиқлик таъминоти тизими кўп йиллар маблағ ажратилмагани оқибатида издан чиққан.
- 9 минг километр ички йўллар таъмирталаб аҳволда.
- Сўнгги беш йилда вилоятда электр энергияси истеъмоли 1,3 баробарга ошгани боис, электр тармоқлари, трансформатор ва подстанцияларнинг 40 фоизи таъмирга муҳтож.
- Аҳолининг 1 миллион нафарида турли хил сурункали касалликлар мавжуд (республика
ҳудудлари орасида 1-ўрин).
- 236 та мактабнинг юкламаси қувватларидан анча юқори. Келгуси беш йилда ўқувчилар сони 62 мингтага кўпаяди.
- Вилоятда 160 мингдан зиёд аҳоли ишсиз бўлиб, ҳар йили меҳнат бозорига қўшимча 50 минг нафар ёшлар кириб келмоқда. 110 минг оила доимий даромад манбаига эга эмас.
Бундан аввалроқ Президентликка номзод Шавкат Мирзиёев Наманган шаҳри Давлатобод туманидаги “Юксалиш” саноат шаҳарчасида бўлиб, “Glass еxpo” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишгани, Наманганда биринчи навбатда ҳал этилиши лозим бўлган масалалар ҳақида сўзлагани, Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини муносиб нишонланиши, ҳамда Наманганда тиббиётни яхшилашга қаратилган режалар эълон қилинганди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятларида бўлиши тўғрисида хабар берилганди.







