Ҳиндистонга давлат ташрифи чоғида Россия президенти Владимир Путин маҳаллий журналист саволига жавоб берар экан, Ғарб босими остида Деҳлининг россиялик нефть харидларини камайтиргани ҳақидаги иддаоларни рад этди. Президентнинг айтишича, икки давлат ўртасидаги савдо ҳажми деярли ўзгаришсиз қолмоқда.
Путин ўз фикрини аниқ мисоллар билан изоҳлаб, АҚШ ҳамон Россиядан ядро электр станциялари учун ядро ёқилғиси харид қилишда давом этаётганини таъкидлади. “Агар АҚШ бизнинг ёқилғимизни сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлса, Ҳиндистонга ҳам шу имтиёз нега берилмасин”, – деди у.
Россия раҳбарининг қайд этишича, энергетика соҳасидаги ҳамкорлик икки давлат манфаатларига мос келади ва сиёсий босимлар бу жараёнга жиддий таъсир кўрсата олмайди. Унга кўра, нефть ва ёқилғи бўйича шериклик ҳали ҳам барқарор.
Путиннинг ушбу баёноти АҚШ ва Ҳиндистон ўртасида Россия нефти бўйича кучайиб бораётган сиёсий таранглик фонида эълон қилинди. Таҳлилчиларга кўра, Москва ва Деҳли ўзаро манфаатлар сабаб энергетик ҳамкорликни яқин йилларда ҳам сақлаб қолиши кутилмоқда.


