Кремлда Россия ва АҚШ ўртасида Украинадаги можаро ечими бўйича навбатдаги музокаралар бўлиб ўтди. Россия ОАВ хабарига кўра, учрашув қарийб беш соат давом этган.
Музокараларда Россия томонидан президент Владимир Путин, унинг ёрдамчиси Юрий Ушаков ҳамда президентнинг махсус вакили Кирилл Дмитриев иштирок этди. АҚШ делегациясини эса президентнинг махсус вакили Стив Уиткофф ва Доналд Трампнинг куёви Жаред Кушнер бошқарди.
Юрий Ушаковнинг маълум қилишича, Владимир Путин Вашингтон томонидан тақдим этилган бир қатор таклифларга нисбатан танқидий ва салбий муносабат билдирган. Музокаралар давомида “аниқ ҳудудий масалалар” ҳам муҳокама қилинган.
“Ҳозирча томонлар ўртасида муросали вариант топилмади. Шунга қарамай, америкаликлар билдирган айрим таклифлар мутлақо рад этиладиган даражада эмас, улар муҳокамага лойиқ. Бироқ бизга мос келмайдиган ифодалар ҳам бор. Музокара давом этади”, — деди Ушаков.
Унинг сўзларига кўра, учрашув “фойдали, конструктив ва мазмунли” руҳда ўтган. Журналистларнинг “музокаралардан сўнг тинчлик яқинлашдими ёки узоқлашдими?” деган саволига Ушаков: “Аниғи — узоқлашмади. Аммо ҳам Вашингтон, ҳам Москва томонида ҳали жуда катта ишлар олдинда турибди”, — дея жавоб берди.
Учрашув тўлиқ ёпиқ ва махфий шаклда ўтказилгани, музокараларнинг асосий мазмуни ошкор этилмаслиги айтилди. АҚШ делегацияси Путин билан бўлган учрашув натижаларини Доналд Трампга шахсан етказади, шундан сўнг эҳтимол телефон орқали Москва билан яна мулоқот давом эттирилади.


