“Қамчиқ” довонининг Наманган вилоятидан ўтган қисмида замонавий дор йўли ва дам олиш мажмуаси қурилади. Бу ҳақида Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, лойиҳа 90 гектар майдонни қамраб олади ва уни Австриянинг Doppelmayr/Garaventa гуруҳи амалга оширади.
Doppelmayr / Garaventa гуруҳи — Австрия ва Швейцарияда ташкил топган, канатли йўллар (ropeways), гондолалар, лифтлар, йўловчи ва материал ташиш системалари ишлаб чиқарувчи йирик компаниялар гуруҳи. Гуруҳ турли технологиялар, системалар ва хизматлар бўйича етарлича кенг портфельга эга. Компания дунё бўйлаб 96 та мамлакатда 15,000 дан ортиқ канат йўллари лойиҳалаштирган.
Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов Doppelmayr/Garaventa гуруҳи вакиллари – Жоханнес Триебник, Валерий Яшин, Евгений Куприн билан учрашув ўтказган.
Ўзаро мулоқотда лойиҳанинг аҳамияти ва амалга ошириладиган қурилиш объектлари муҳокама қилинган.
Қўшимча қилинишича, мазкур лойиҳани Наманганнинг йирик тадбиркорларидан бири - "Aisha group" компанияси раҳбари Жобирхон Камалитдинов молиялаштирмоқда.


