Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятидаги “Янги авлод” махсус саноат зонасида жойлашган “Anglesey Food” МЧЖнинг замонавий маҳсулотларни сақлаш ва тақсимлаш маркази фаолиятини бориб кўрди.
Мазкур корхона “Korzinka” дўконлар тармоғи учун озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш, саралаш, қадоқлаш ва етказиб бериш хизматларини кўрсатади. 10 гектар майдонда жойлашган мажмуанинг 49 минг квадрат метр қисми омбор сифатида ташкил этилган. Қурилиш ва совутиш тизимлари учун ускуналар Хитой, Туркия, Беларусь ва Россиядан келтирилган бўлиб, улар “EDGE Advanced” халқаро энергия самарадорлиги сертификатига эга.
Ушбу лойиҳа Марказий Осиёда “А” синфида баҳоланадиган энг йирик логистика ва тақсимот марказларидан бири ҳисобланади. Мажмуа бир вақтнинг ўзида 145 та дарвоза орқали юкларни қабул қилиш ва жўнатиш имкониятига эга бўлган замонавий тезлатувчи қурилмалар билан жиҳозланган.
Марказ таркибида турли маҳсулот тоифаларига мос 4 хил ҳароратли зона мавжуд. Шу сабабли товарлар музлаткич, паст ҳароратли камера ёки қуруқ омборларда сақланиши мумкин. Шунингдек, кечаю-кундуз ишловчи, 96 та замонавий спутник тизимига эга махсус лаборатория ташкил этилади.
Лойиҳа доирасида мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.
Ташриф якунида Президент жамоатчилик вакиллари билан суҳбатда Ўзбекистон иқтисодиётига сармоя киритаётган хорижий инвесторларнинг ишончи, мамлакатда олиб борилаётган оқилона иқтисодий сиёсат ва унинг натижалари ҳақида сўз юритди.
— Сўнгги саккиз йилда мамлакатимизга 130 миллиард долларлик хорижий инвестиция жалб қилинди. Бу маблағлар ҳисобидан юзлаб янги завод ва корхоналар ишга тушди. Бугун эса яна бир йирик лойиҳа — янги халқаро аэропорт қурилишини бошладик. Унда Саудия Арабистони, Япония ва Корея инвесторлари иштирок этмоқда. Бу ўз-ўзидан бўлмайди, бу — Ўзбекистон келажагига бўлган катта ишонч белгиси, — деди Президент Шавкат Мирзиёев.


