Қашқадарёда эшак сўйганлар ҳақида хабар қилган аёл калтакланди
Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ маълумот берди.

Ғузор тумани Абдуҳамид қишлоғидаги хонадонда эшак сўйилаётгани ҳақида хабар қилган мурожаатчи Ш. Астанақулова калтакланди, дея хабар бермоқда “Nasafnews” нашри.
Қайд этилишича, воқеа мурожаатчи қўшнисининг эшак сўйгани ҳақида ОАВга хабар қилгандан сўнг содир бўлган. Эшак сўйгани айтилаётган хонадон бекаси Ш. Астанақуловани уриб, тан жароҳати етказган. Бошқа қўшнилар икки қўшнининг жанжалини тўхтатиб қолишган. Айни пайтда калтакланган мурожаатчи шифохонага мурожаат қилган ва ўша ерда даволанмоқда.
“Жуда хавотирдаман. Уйда фарзандларим бор. Уларни ҳам уриб кетишларидан қўрқяпман”, — деган мурожаатчи.
Туман ИИБ ҳолатга расмий муносабат билдириб, воқеа жорий йилнинг 28 май куни юз берганини ва “Эшонқудуқ” МФЙ ҳудудида яшовчи С. Г. ва А. Ш. лар ўзаро жанжанлашиб, бир-бирига тан жароҳат етказганини маълум қилди.
“Мазкур ҳолат юзасидан Ғузор туман ИИБ томонидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ўрганиш якуни билан қўшимча ахборот берилади”, — дейилади ИИБ хабарида.
Эслатиб ўтамиз, бир неча куни олдин Ғузор тумани Абдуҳамид қишлоғидаги хонадонлардан бирида эшаклар сўйилаётгани хабар қилганди. Шундан сўнг ҳолат юзасидан ҳудудга масъул бўлган ИИБ ходимлари, МФЙ раиси ва хотин-қизлар фаолига нисбатан хизмат текшируви тайинланган.







