Тошкент халқаро аэропортида қор ёғиши сабабли айрим рейсларнинг учиб кетиш вақтларида қисқа муддатли ўзгаришлар кузатилиши мумкин. Бу ҳақда Узбекистан Аирвайс авиакомпанияси матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, самолётларни парвозга тайёрлаш жараёнида музлашга қарши махсус ишлов берилиши рейсларнинг жўнаб кетишида кечикишларга олиб келиши эҳтимолдан холи эмас.
Шу билан бирга, парвозлар жадвалидаги ўзгаришлар аэропортда йўловчилар томонидан парвозолди текширув ва расмий жараёнлардан ўтиш муддатларига таъсир кўрсатмаслиги, ушбу жараёнлар амалдаги меъёр ва талабларга мувофиқ белгиланган вақтда амалга оширилиши таъкидланди.
Маълумот учун, аввалроқ жорий йилнинг 15 декабрь куни Жидда–Тошкент йўналишида парвоз қилаётган ҳаво кемаси Баҳрайн аэропортига мажбурий қўнишни амалга оширгани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур ҳолат об-ҳаво шароити билан боғлиқ бўлмай, парвоз вақтида ёши катта аёл йўловчининг соғлиғи кескин ёмонлашгани сабабли содир бўлган.


