“Реал” Асенсиони сотмоқчи
Клуб футболчи учун 30 миллион евро талаб қилмоқда.

Мадриднинг “Реал” клуби ярим ҳимоячи Марко Асенсио трансферидан 30 миллион евро ишлаб олишни режалаштирмоқда, деб ёзди журналист Экрем Қўнғир ўзининг Твиттердаги саҳифасида.
Аввалроқ, 26 ёшли Асенсио асосий таркибга кириш учун рақобат кучайгани учун испан жамоасини тарк этиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.
Марко Асенсионинг амалдаги шартномаси 2023 йилнинг ёзида якунига етади. "Реал Мадрид" таклиф қилаётган шартлар футболчига мос келмагани ва келаси ёзда у Мадрид клубини эркин агент сифатида тарк этиши мумкинлиги маълум қилинганди.
Эслатиб ўтамиз, испаниялик футболчи ўтган мавсумда "Реал" сафида барча турнирлар доирасида 42 та ўйинда майдонга тушиб, 12 та гол урди ва 2 та голли узатмани амалга оширди. Трансфермаркт 26 ёшли испаниялик футболчининг нархини 40 миллион еврога баҳоламоқда.







