Россия Мудофаа вазирлигиУкраина Молдовада фитна тайёрлаётганини айтди
Молдованинг янги бош вазири Дорин Рисян шу ҳафта бошида мамлакат ҳудудидан рус қўшинларини олиб чиқиб кетишни талаб қилганди.

Украина Приднестровьега қарши провокация тайёрламоқда, деб хабар берди Россия Мудофаа вазирлиги.
Вазирлик маълумотларига кўра, Украина ҳарбийлари Россия Қуролли кучлари формасини кийиб, қўшни давлат ҳудудига “босқичма-босқич бостириб кириш”ни режалаштирмоқда. Москва чегарада содир бўлаётган воқеаларни кузатаётганини ва “ ҳар қандай ўзгаришларга жавоб беришга” тайёрлигини билдирди.
“Босқин учун баҳона сифатида Приднестровье ҳудудида рус қўшинларининг гўёки ҳужумини уюштириш режалаштирилган. Бунинг учун босқичма-босқич босқинда иштирок этаётган украиналик диверсантлар РФ қуролли кучлари ҳарбий хизматчилари кийимида бўлади”, — дейилади Россия Мудофаа вазирлигининг Телеграм каналида.
Молдованинг янги бош вазири Дорин Рисян шу ҳафта бошида Приднестроьевни демилитаризация қилиш, жумладан, у ердан рус қўшинларини олиб чиқиш кераклигини айтди. Кремль Молдова ҳукуматига бу мавзуда эҳтиёткор бўлишни маслаҳат берди.
Киев ва расмий Кишинёв бу каби хабарлар фейк эканини таъкидлаб келмоқда.







