Россиянинг Арманистондаги элчисига норозилик нотаси берилди
Соловьёвнинг чиқишлари Арманистон тармоқларида ҳам катта муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Россиялик пропагандист Владимир Соловьёвнинг Марказий Осиё ва Арманистонда “махсус ҳарбий операция” ўтказиш зарурлиги ҳақидаги баёнотларидан сўнг Россиянинг Арманистондаги элчиси Арманистон ТИВга чақиртирилди. Бу ҳақда Factor TV хабар қилди.
“Унга норозилик нотаси топширилди, унда давлат телекомпанияси таркибига кирувчи дастур эфирида янграган баёнотлар муносабати билан чуқур ғазаб ва норозилик ифодаланган. Шунингдек, мазкур баёнотлар Арманистон Республикаси суверенитетига қарши йўл қўйиб бўлмайдиган тажовуз, душманона хатти-ҳаракат сифатида баҳоланиб, Арманистон ва Россия ўртасидаги дўстона муносабатларнинг асосий тамойилларини қўпол равишда бузиши таъкидланган”, — дейилади хабарда.
Соловьёвнинг чиқишлари Арманистон ижтимоий тармоқларида ҳам катта муҳокамаларга сабаб бўлди.
Хусусан, Арманистон Телевизион ва радиоэшиттириш комиссияси раиси Тигран Акобян уни Арманистон Республикасининг “Фахр ордени”дан маҳрум қилишни таклиф қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Соловьёвнинг чиқишлари ва унга қарши ўзбек фаолларининг чиқишларини бир жойга жамлаган эдик. Видеони Zamon.uz’нинг YouTube саҳифасида томоша қилинг.







