1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Сиёсат

Рус пропагандаси яна фаоллашди

Яна бир россиялик пропагандист, Кремль тарғиботчиси, журналист Владимир Соловев Марказий Осиёга ўз бурнини тиқмоқда. У эфир вақтида Марказий Осиёда ҳам “махсус ҳарбий операция” ўтказишни таклиф қилди.

Рус пропагандаси яна фаоллашди

Яна бир россиялик пропагандист, Кремль тарғиботчиси, журналист Владимир Соловёв Марказий Осиёга ўз бурнини тиқмоқда. У эфир вақтида Марказий Осиёда ҳам “махсус ҳарбий операция” ўтказишни таклиф қилди.

 

 

Шунингдек, у Арманистон ва Марказий Осиёни Россия учун стратегик муҳим ҳудудлар деб атаб, бу минтақа мамлакатлари ва Арманистонда ҳарбий операция ўтказиш мумкинлигини очиқчасига айтди.

 

Соловёв Марказий Осиёни бизнинг Осиё деб таърифлаб, Россия учун халқаро ҳуқуқ аҳамиятга эга эмаслигига таъкидлади.

 

Шундан сўнг ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида унинг бу фикрига қарши жамоатчилик эътироз билдира бошлади.

 

Хусусан, собиқ депутат Расул Кушербоев Соловёвнинг бу гапларига Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги жавоб бериш кераклигини ёзмоқда.

 

Журналист Илёс Сафаров Соловёвнинг бу гаплари бу шунчаки ҳайп эмас, балки Россия пропагандасининг энг тажовузкор ва хавфли йўналишларини ифодаловчи сиёсий сигнал эканлигини айтмоқда.

 

“Сир эмас, рус пропагандаси – ҳақиқатни бузиш, қўрқув ва адоватни ишлаб чиқаришга хизмат қиладиган заҳарли ахборот маҳсулоти. Соловёв эса айни шу заҳарни оммага етказадиган энг фаол ва тажовузкор узаткичлардан бири. Соловёв Путинга яқин шахс сифатида кўп ҳолларда Кремль доираларида шаклланаётган қарашларни оммага мослаб, баландроқ ва кескинроқ шаклда ифодалаб келади, шу боис ҳам унинг бу чиқишини оддий телебаҳс даражасида баҳолаб бўлмайди”, — дея ёзади у ўзининг Facebook тармоғида.

 

Сафаров Соловёвнинг персона нон грата, яъни хоҳланмайдиган шахс сифатида белгилашни таклиф қилмоқда.

 

“Марказий Осиё каби геосиёсий жиҳатдан «сезгир» минтақа учун бу каби баёнотлар реал хавф сифатида қабул қилиниши керак. Такрорлайман, Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа давлатлари бу чиқишни шунчаки телебаҳс, оддий шов-шувли фикр эмас, балки Россия сиёсий тафаккурида мавжуд бўлган хавфли мавжуд бўлган хавфли тенденциянинг очиқ ифодаси сифатида баҳолаши керак. Шу сабабли, суверенитет ва ҳудудий яхлитликка очиқдан-очиқ шубҳа солаётган Соловёв каби шахслар энг камида хоҳланмайдиган шахс (персона нон грата) сифатида белгиланиши мантиқан асосли қарор бўлади”, —дея ёзади у.

 

Журналист Илёс Сафаров 2024 йилда президент томонидан имзоланган “Ўзбекистонда хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий мақоми тўғрисида” қонуни ташқи ишлар вазирлигига амалда ишлатиш кераклигини эслатди.

 

Шу ўринда бу қонун ҳақида қисқа маълумот.

 

Қонунга кўра, Ўзбекистоннинг давлат суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлигига зид бўлган, давлатлараро, ижтимоий, миллий, ирқий ва диний адоватни қўзғатадиган, Ўзбекистон халқининг шаъни, қадр-қиммати ва тарихига обрўсизлантирувчи оммавий чақириқлар ёки ҳаракатлар қилган шахслар Ўзбекистонга киритилмаслиги ёки депортация қилиниши мумкин.

 

Бундай номақбул шахслар Ўзбекистонга кириши, банк ҳисоб рақамларини очиши, кўчмас мулк сотиб олиши, давлат мулкини хусусийлаштиришда иштирок этиши, молиявий ва шартномавий муносабатларга кириши тақиқланади.

 

Сиёсатшунос Фарҳод Каримов бу ҳолатга Россия пропагандаси яна иш бошлади дея изоҳ берди.

 

“Қўйинглар энди, ўзи битта ишни охирига етказолмай овора бўсангизлар, янги душманни нима кераги бор сизга? Стратегияларни ким ишлаб чиқади экан-а Москвада? Кадрлар инқирози бошланган кўринади”, — дея ёзади у ўзининг Телеграм саҳифасида.

 

Яна бир жамоат фаоли Азиз Умарова Соловёв ва бу каби рус пропагандасига қарши “Отамдан қолган далалар” фильмини оммалаштиришни ва яна телевидениега қайта тиклашни таклиф қилмоқда. У Тоғай Муроднинг “Отамдан қолган далалар” асари мактабларда тарих дарслигининг бир қисми бўлиши кераклигини таъкидламоқда.

 

Унинг фикрича, бу фильм икки соат ичида Марказий Осиё халқлари ва империяси тизим ўртасидаги муносабатлар эволюциясини бадиий, тушунарли ва таъсирчан шаклда кўрсатиб бера олади. Айниқса, узун таҳлилий матнларни ўқимайдиган ёки сиёсий жараёнларга чуқур кириб бормайдиган аудитория учун бундай формат анча самарали.

 

“Бадиий шаклда — узун матнларни ўқишга ва чуқур мулоҳаза қилишга ўрганмаган томошабин учун ҳам тушунарли ва очиқ тарзда — фильм икки соат ичида муносабатлар эволюциясини тўлиқ кўрсатиб бера олади. Фильм премьерасидан сўнг дарҳол тақиқланган ва 1997 йилдан бери оммавий майдонда намойиш этилмаган (фақат YouTube'га жойланган)”, — деб ёзди Facebook саҳифасида.

 

Сиёсатшунос Шуҳрат Расул Соловёв бундай гапларни ўзидан ўзи гапирмаслигига урғу бермоқда.

 

“Бу руснинг режаси бўлиши мумкин. Олдин Қозоғистонга кейин Ўзбекистонга босқин қилинади. Ўзбекистон ТИВ зудлик билан бу баёнотни рус расмийлари қандай баҳолашини сўраб нота тақдим қилиши лозим. Буни жазога тортишни талаб қилиш керак”, — дея ёзади у ўзининг Facebook саҳифасида.

 

Келинг энди Соловёв ҳақида қисқача маълумот берсам. Владимир Рудолфович Салавёв 1963 йилда Москвада туғилган. Иқтисод фанлари номзоди. Шунингдек, журналист, радио ва телебошловчи. У Кремль ва Путинга яқин одамлардан. Чунки унинг Россия-1 телеканалида “Владимир Соловёв билан оқшом” ва “Москва, Кремль ва Путин кўрсатувларининг бошловчиси. Давлат раҳбарининг пропагандаси билан шуғулланадию Кремлга хизмат қилмайдими?

 

Марказий Осиёда ҳарбий операция ўтказишни таклиф қилган рус пропагандаси вакили Соловёвнинг ўғли Россия-Украина уруши бошланганидан буён Европада аёллар кийимини кийиб моделлик қилаётгани ҳақида ижтимоий тармоқларда хабарлар чиқа бошлади.

 

Россиянинг бундай Марказий Осиёни босиб олиш ёки Марказий Осиё мамлакатлари хусусан, Ўзбекистон сунъий давлат эканлиги уни Россия яратгани ҳақидаги гаплар Россиянинг Украинага босиб киришидан кейин бошланди.

 

Мисол учун 2023 йил декабрь ойида "Адолатли Россия" партиясининг ҳамраиси Захар Прилепин Ўзбекистон ва собиқ СССРнинг бошқа ҳудудларини Россия Федерациясига қўшиб олишни таклиф қилган эди. Шунингдек, у Ўзбекистонни сунъий яратилган давлат эканлиги ва бу мамлакатнинг давлатчилик тарихи йўқ эканлигини айтган эди.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика