Бугун Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева “The Walt Disney Company” компаниясининг вице-президенти, “Emmi” мукофотининг 7 карра совриндори Ҳайма Вашингтон билан учрашув ўтказди. Учрашувнинг асосий мақсади — Тошкентни болалар контенти ишлаб чиқариш бўйича минтақавий марказга айлантиришдир.
Голливуд мутахассислари билан ҳамкорликда аниматорлар, режиссёрлар ва сценарийнависларнинг янги авлодини тайёрлаш режалаштирилмоқда. Жаноб Вашингтон Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга қизиқиш билдирган ва барча ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини маълум қилган.
Шунингдек, учрашувда “Disney”нинг Марказий Осиёдаги ваколатхонасини очиш, контенти тўлиқ ўзбек тилида эфирга узатиладиган телеканал ташкил этиш, “Cinema Park” креатив паркини яратиш ва келгусида минтақа туризмини ривожлантирадиган “Disneyland” тематик боғини барпо этиш лойиҳалари муҳокама қилинди.


