Чорвоқдаги Sea Breeze Узбекистан лойиҳаси жамиятда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Айримлар бу лойиҳа экологияга зарар етказиши, фуқароларнинг манфаатларига зид бўлиши ёки бюджет учун юк бўлишидан хавотирда. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги асосий саволларни таҳлил қилиб, расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, Agalarov Development компанияси 5 миллиард АҚШ доллари миқдорида инвестиция, ижтимоий инфратузилма объектлар қурилиши, экологик ечимлар ва лойиҳани давлат назорати остида босқичма-босқич амалга оширишни таклиф қилди.
Битта девелопер – бу ягона архитектура, йирик канализация тизими, автомобиль йўллари, кўкаламзорлаштириш тизимлари ва масъулият дегани. Агар ер бир нечта қурувчиларга бўлиб берилганида, зиддият, тартибсизлик ва назоратнинг имконсизлиги юзага келган бўларди.
Лойиҳа тўлиқ хусусий маблағлар асосида амалга оширилмоқда. Давлат бюджетидан маблағ сарфланмайди. Барча молиявий хатарлар инвестор зиммасида. Кредитлар тижорат асосида олинади, давлат қарзининг ортиши ҳақида гап бўлиши мумкин эмас.
Шу билан бирга, давлат лойиҳанинг барча босқичларида – экологик меъёрларга амал қилинишидан тортиб, молиявий шаффофлик ва ижтимоий самарагача қаттиқ назоратни сақлаб қолади.
Инвесторда тажриба борми?
Озарбайжондаги Sea Breeze – бу дунё даражасидаги курорт бўлиб, меҳмонхоналар, концерт майдончалари, ресторанлар ва ободонлаштирилган ҳудудларни ўз ичига олади. Шунингдек, Москва ва Москва вилоятида ҳам йирик лойиҳалар амалга оширилган.
Нега ижаранинг қиймати атиги 17 млрд сўм?
Ижара тўлови инвестицияларни рағбатлантириш мақсадида рамзий даражагача камайтирилган. Бунинг эвазига инвестор 240 миллион доллар миқдорида инфратузилма тўлови тўлайди – бу ер ижарасининг бозор қийматидан анча юқори.
Мазкур тўлов Тошкент вилоятида биринчи марта жорий қилинмоқда.
Бу маблағлар канализация, йўллар, кўприклар ва тозалаш иншоотларини қуришга йўналтирилади.м Ортиб қоладиган 100 миллион доллар ҳудуд инфатузилмасининг кейинги ривожланиш ва модернизацияга сарфланади.
Ерларни қайта сотиш мумкинми? Бу спекуляция эмасми?
Ер давлат тасарруфида қолади. Қайта ижарага бериш фақат лойиҳа концепциясига мувофиқ қурилишни амалга ошириш учун қўлланилиши мумкин. Масалан, халқаро меҳмонхоналар ва бошқа объектларни қуришда. Шартлар бузилган тақдирда — шартнома бекор қилинади, ер давлатга қайтарилади.
Нега объектларни бир вақтнинг ўзида лойиҳалаштирган ҳолда қурилишга рухсат берилди?
Қонунчиликда айрим ҳолларда Ҳукумат томонидан параллель лойиҳалашга рухсат берилиши кўзда тутилган. Қарор ҳукумат томонидан қатъий назорат шарти билан қабул қилинган.
Бунда лойиҳани Бош прокуратура назорат қилади, Бош вазир ўринбосари раислигида идоралараро гуруҳ ташкил этилади.
Экология масалалари қандай ҳал этилади?
Чорвоққа оқова сувларини оқизиш қатъий тақиқланади. Инвестор ўз ҳисобидан канализация тизимини қуради. Ҳудуднинг канализация тизими Чирчиқдаги тозалаш иншоотларига уланади. Бу тизим яқин атрофдаги ҳудудлар учун ҳам инфратузилма имкониятларини сезиларли даражада яхшилайди.
Шунингдек, кўчатлар экилади, энергия тежамкор технологиялар жорий қилинади, экологик назорат ҳар бир босқичда олиб борилади.
Нега йўллар ва коммуникацияларни давлат қурмоқда?
Умумий фойдаланишдаги инфратузилма объектлари – кўприклар, йўллар – одатда давлат ҳисобидан қурилади, чунки улардан нафақат туристлар, балки маҳаллий аҳоли ҳам фойдаланилади.
Муҳими: ушбу харажатлар инвестор томонидан тўланадиган 240 миллион долларлик инфратузилма тўлови ҳисобидан қопланади.


