Сурхондарёда 500 млнлик жиноят фош бўлди
Аниқланишича, жарқўрғонлик фуқаро ўзига тегишли бўлмаган 50 сотих ерни бошқа шахсга сотмоқчи бўлган.

Жарқўрғонда 500 миллионга ноқонуний ер сотилишининг олди олинди, дея хабар бермоқда Сурхондарё вилояти ИИБ ахборот хизмати.
Маълум қилинишича, Қумқўрғон туманида яшовчи фуқаро Б. С. вилоят ИИБга ариза билан мурожаат қилган. Шунга асосан жорий йилнинг 18 май куни Термиз шаҳрининг Алпомиш маҳалласидаги ресторанда тезкор тадбир ўтказилган. Унда Жарқўрғон туманида яшовчи фуқаро Х. И. ўзига тегишли бўлмаган 50 сотих ер майдонини жами 500 млн сўмга сотишга келишиб, пулнинг 214 млн сўмини олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга тушган.
Мазкур ҳолат юзасидан Х. И. га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Самарқанд вилоятида 3 гектар ерни 100 минг АҚШ долларига сотмоқчи бўлган шахслар ушланганди. Шунингдек, Бухоро вилоятида фуқаро ҳокимлик захирасидаги ерни 8 минг долларга пулламоқчи бўлган.
Жавоҳирбек ТУРСУНОВ







