Сурхондарёда адвокат судьяга пора таклиф қилди
У иш бўйича фуқаровий даъвогарнинг вакили бўлган.

Сурхондарё вилоятида жиноят иши бўйича шикоятни қаноатлантириб бериш эвазига судьяга пора таклиф қилган адвокат ушланди. Бу ҳақида Судьялар олий кенгаши хабар берди.
Маълум бўлишича, Сурхондарё вилоят суди иш юритувидаги Ш.Ҳ.гa (биринчи инстанция суди томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди билан айбли деб топилган, ҳукм апелляция инстанциясида ўзгаришсиз қолдирилган) доир жиноят иши бўйича берилган тафтиш шикоятини қаноатлантириб бериш эвазига судьяга (жиноят иши бўйича маърузачи) 1000 доллар миқдорида пора таклиф қилган адвокат ушланган.
Адвокат иш бўйича фуқаровий даъвогарнинг вакили бўлиб, тафтиш шикояти қонуний кўриб чиқилиши тушунтирилишига қарамай такроран пора таклиф қилгани ортидан, судьянинг билдиргиси асосида ваколатли орган томонидан тадбир ўтказилиб, далилий ашё билан қўлга олинган.







