Бугун, 16 январь куни соат 03.00 атрофида Яшнобод туманининг Шоҳимардон кўчасида “Spark” ҳайдовчиси автоҳалокатга учраб, ҳалок бўлди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳайдовчи тезликни ошириб, бошқарувни йўқотган ва автомашина йўл четидаги панжарага бориб урилган. Ҳодиса оқибатида 17 ёшли ҳайдовчи ва 14 ёшли йўловчи жиддий тан жароҳатлари олиб, воқеа жойида вафот этган.
Аниқланишича, автотранспорт воситаси ҳайдовчилик гувоҳномаси ва ишонч қоғозига эга бўлмаган фуқаро томонидан бошқариб кетилаётган бўлган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми бўйича жиноят иши қўзғатилган.


