Тошкент вилоятида кучли таъсир этувчи дори воситаларини етказиб бериш ва ноқонуний реализация қилиш билан шуғулланган жиноий гуруҳ фаолияти тўхтатилди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Тезкор тадбир давомида 38 ёшли аёл гиёҳванд моддаларни 13 ёшли жияни орқали харидорларга етказиб бераётганида қўлга олинди. Унинг яшаш манзилини кўздан кечириш чоғида умумий қиймати 20 миллион сўмга тенг бўлган 162 дона кучли таъсир этувчи дори воситалари ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Кейинги тадбирлар натижасида мазкур маҳсулотларни етказиб берган яна икки нафар Тошкент шаҳри фуқароси ҳам ушланди. Улар 23 миллион сўмлик 278 дона дори воситасини сотаётганида қўлга олинган. Шунингдек, уларнинг уй ва автомашинасидан қўшимча равишда 67 дона тақиқланган препарат топилди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 251-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда гумонланувчилар ҳибсга олинган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


