Тошкент вилоятида МИБ орқали қидирувдаги шахслар топилиб, қарздорликлар бартараф этилмоқда
Биргина декабрь ойида 87 нафар шахс топилган ва ижро амалга оширилган.

Бошқарманинг туман ва шаҳар бўлимлари томонидан суд қарорларига асосан қарздор деб топилган 825 нафар шахсга нисбатан қидирув эълон қилинган.
2025 йилнинг ўтган ўн икки ойи давомида 673 нафар қидирувдаги шахс топилиб, кейинги ижро ҳаракатлари амалга оширилди.
Биргина декабрь ойида 87 нафар шахс топилганлиги бу йўналишдаги ишлар самарадорлигидан далолат беради.
Шунингдек, алимент тўловчи қарздорлардан 83 нафари суд ҳужжати иш юритувга қабул қилинишидан аввал чет давлатларга чиқиб кетганлиги аниқланган. Уларга нисбатан давлатлараро қидирув эълон қилиниб, халқаро шартномалар асосида тегишли сўровномалар юборилган.
Масалан, Фуқаролик ишлари бўйича Қуйи Чирчиқ туманлараро судининг суд буйруғига асосан қарздор М.С.дан ундирувчи Исмоилова фойдасига 1 нафар вояга етмаган фарзанди вояга етгунга қадар фарзандининг таъминоти учун 1/4 қисм миқдорида алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати бўлим иш юритувига келиб тушган ҳамда тегишли ижро иши қўзғатилган.
Қарздор М.С.дан мазкур ижро ҳужжати бўйича моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган шахсни моддий таъминлаши лозимлигини аниқ билган холда, бу ҳақида бир неча бор огоҳлантирилганлигига қарамасдан 2022 йил 1 ноябрь кунидан 2026 йил 1 январь кунига қадар ҳисоблаб чиқилган жами 13.188.889 сўм миқдоридаги алимент пулларини тўламасдан, яшаш манзилини ўзгартирганлиги сабабли, унга нисбатан расман қидирув эълон қилинган эди.
Тезкор-қидирув ҳаракатлари даврида, қарздор топилди ҳамда унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўлиқ қайта тушунтирилди. Қарздор жавобгарликни тушунган ҳолда қарздорликни тўлиқ бартараф этди.







