Тошкентда 6 минг нафар фуқаро “свет”га тўлов қила олмайдиган бўлди
Чиқинди хизматидан қарздор абонентларнинг электр тўловига вақтинча чеклов ўрнатилди.

“Чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун тўлов интизомини кучайтириш тўғрисида”ги Қонун (2025 йил 7 март, 1044-сон) доирасида Тошкент шаҳрида қарздор истеъмолчиларга нисбатан белгиланган тартиб амалиётга татбиқ этилмоқда.
Қонунга мувофиқ, ҳар ойнинг 3-санаси ҳолатига кўра чиқинди хизматлари бўйича қарздорлар тўғрисидаги маълумотлар “Тоза макон” биллинг тизимидан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг биллинг тизимига узатилади. Шундан сўнг қарздорларга огоҳлантириш СМС хабарномаси юборилади.
Жорий йил 5 ноябрь куни Тошкент шаҳрида чиқинди хизматлари учун жами 2,239 млрд сўм дебитор қарздорлик юзасидан 25 121 нафар абонентга “2100” қисқа рақами орқали СМС огоҳлантириш юборилди.
Огоҳлантиришдан сўнг 5 кун мобайнида қарздорликни бартараф этмаган 6 минг нафар абонентга бугундан бошлаб электр энергияси учун тўлов амалга ошириш имкониятига вақтинча чеклов қўлланди.
Ҳозирда пойтахт бўйича чиқинди хизматларидан 582 млн сўмдан ортиқ қарздорлик мавжуд. Қарздорлик тўлиқ тўлангач, чеклов дарҳол бекор қилинади.
Маълумот учун, мазкур тартиб 2025 йил 30 июнгача шаклланган қарздорликларга татбиқ этилмайди. 2025 йил 1 июлдан бошлаб юзага келган қарздорликлар бўйича қўлланилади. Чиқинди тўловларини ҳисоблашда аниқлик ва ҳаққонийлик учун санитар тозалаш хизматлари масъулдир.
Ушбу тартиб жорий йилнинг декабрь ойидан бошлаб республиканинг барча ҳудудларида ҳам амалиётга жорий этилади.







