14 январь – Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 32 йиллиги муносабати билан «Men G‘olib» ҳарбий-ватанпарварлик оммавий югуриш мусобақаси бўлиб ўтди.
“Humo Arena” спорт мажмуасининг майдончасидан 3 км ва 10 км масофага 1000 нафардан ортиқ югурувчилар старт олди. Унда Ўзбекистон қуролли кучлари вакиллари, куч ишлатиш тузилмаларининг ходимлари, ҳарбий ўқув муассасаларининг курсантлари, профессионал спортчилар ва ҳаваскор югурувчилар иштирок этди.
Мусобақалар якка тартибда ва жамоавий биринчиликларда ташкил этилди.
Жамоавий биринчиликда куч ишлатиш тузилмалар идораларининг 7 та жамоаси ва ўқув таълим муассасаларининг 6 та жамоаси «Men G‘olib» кубоги учун курашишди. Улар орасида Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат хавфсизлик хизмати, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси вакиллари ҳам бор эди. Ўқув таълим муассасаларининг жамоалари Қуролли кучлар академияси, Умумий хавфсизлик университети, Ички ишлар академияси, ФВВ академияси, Давлат хавфсизлиги хизмати академияси, Давлат Божхона қўмитаси институтининг курсантлари орасидан шакллантирилди.
«Men G‘olib» жамоавий мусобақаларида тўртинчи маротаба Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги жамоаси ғолибликни қўлга киритди.


