Тошкентда қиш мавсумида иссиқлик ва электр таъминотини кузатувчи 24 соатлик штаб иш бошлади
Энди аҳоли мурожаатлари бўйича муаммоларга тезкор чора кўрилади.

Тошкент шаҳрида қиш мавсумида иссиқлик, ичимлик суви, газ ва электр таъминотининг узлуксиз ишлашини таъминлаш мақсадида махсус ишчи гуруҳ ташкил этилди. Мазкур штаб 24 соат давомида фаолият юритиб, аҳолининг мурожаатлари ва юзага келиши мумкин бўлган авария ҳолатларига тезкор жавоб бериши белгиланган.
Шаҳар ҳокимлиги маълумотига кўра, ишчи гуруҳ иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий объектлар ва кўп қаватли уй-жой фондининг 2025/2026 йилги қиш мавсумига тайёргарлик жараёнини мониторинг қилади. Шунингдек, иссиқлик энергияси, табиий газ, электр энергияси ва ичимлик суви етказиб беришдаги узилишларнинг олдини олиш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Юзага келадиган носозликлар ёки таъминотдаги узилишлар бўйича аҳолининг мурожаатлари тезкор тартибда кўриб чиқилади ва муаммоларни ҳал этиш механизмлари ишга туширилади. Ишчи гуруҳ тегишли хизматлар билан ҳамкорликда жойларга чиқиб, таъминот тизимларидаги носозликларни бартараф этади.







