Тошкентда ходимидан қарздор МЧЖ техникаларидан айрилди
Жамият ундирувчига 513 млн иш ҳақи тўлаши керак бўлган.

Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг 2025 йил 25 сентябрдаги ижро варақасига асосан, қарздор “A-T” МЧЖдан ундирувчи фуқаро Б.Х. фойдасига 513 325 224 сўм иш ҳақи ҳамда 1 292 273 351 сўм компенсация, жами 1 805 597 576 сўм ундириш белгиланган.
Мазкур ижро ҳужжати 2025 йил 26 ноябрь куни Бюронинг Миробод туман бўлими иш юритувига қабул қилиниб, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 23-моддасига асосан ижро иши юритиш қўзғатилган.
Қарздорга белгиланган тартибда 15 кунлик ихтиёрий ижро муддати берилган, бироқ талаблар бажарилмагани сабабли мажбурий ижро ҳаракатларига киришилган.
Мажбурий ижро жараёнида қарздорга тегишли автотранспорт воситалари, жумладан “КИА” русумли автомобиль ҳамда экскаватор махсус техника аниқланиб, хатланган ва уларга нисбатан тақиқ ўрнатилган. Айни пайтда ушбу мол-мулкларни баҳолаш ва онлайн-аукцион орқали реализация қилиш чоралари кўрилмоқда.
Реализациядан тушган маблағлар ундирувчи фойдасига қарздорликни қоплашга йўналтирилади.







