Эртага, 13 сентябрь куни Тошкент шаҳрининг Яккасарой ва Олмазор туманларида газ таъминоти вақтинча тўхтатилади. Бу ҳақда “Ҳудудгаз Пойтахт” матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш мақсадида Олмазор тумани Сағбон 4-берк кўчасида жойлашган ерости ўрта босимли Д-76 ммли ҳамда паст босимли Д-40 ммли ерусти газ қувурларини таъмирлаш ишлари олиб борилади. Шу муносабат билан соат 10:00 дан 17:30 га қадар “Ҳофиз Куҳакий” маҳалласидаги 125 та ҳовли хонадонларда ҳамда 9 та улгуржи ташкилотларда газ таъминоти вақтинчалик тўхтатилади.
Шунингдек, Яккасарой тумани Баҳодир кўчасида жойлашган ўрта босимли Д-89 ммли ерусти газ қувурини ҳаракатдаги газ қувурига улаш ишлари режалаштирилган. Шу сабабли соат 11:00 дан 17:00 га қадар Баҳодир кўчасидаги 2 та кўп қаватли уйдаги 150 та хонадонларда ҳамда 2 та улгуржи ташкилотларда газ таъминоти тўхтатилади.
“Таъмирлаш ишлари тугатилгандан сўнг табиий газ таъминоти қайта тикланади”, — дейилади хабарда.


