15 октябр куни Туркий давлатлар халқаро университетида Туркий университетлар иттифоқи (TÜRKÜNİB)нинг “Илмдан ўзга нажот йўқ” шиори остидаги 8-Бош Ассамблеяси бўлиб ўтди. Тадбир туркий мамлакатлар ўртасидаги илмий ҳамкорлик, академик бирдамлик ва маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам сифатида эътироф этилди.
Ассамблеяда Туркий давлатлар ташкилоти Котибияти, Туркий академия, TÜRKÜNİBга аъзо 100 дан ортиқ университет раҳбарлари, илмий марказлар, халқаро ташкилотлар ва таниқли олимлар иштирок этди.
Тадбирни Туркий давлатлар халқаро университети ректори Баҳодир Тўраев очиб, туркий мамлакатларнинг олимлари ва ёш тадқиқотчилари илм, бирлик ва тараққиёт йўлида ягона мақсад сари бирлашаяётгани мазкур форумнинг энг муҳим ютуғи эканини таъкидлади.
Ассамблея доирасида Турк академияси эксперти Эбулфез Сулаймонли “Турк Барометри 2025: Турк давлатлари ёшлар тадқиқоти” лойиҳаси натижаларини тақдим этди. Тадқиқот туркий мамлакатлар ёшларининг қадриятлари ва ижтимоий қарашларини ўрганишга қаратилган бўлиб, у туркий дунё келажагини белгилаб берувчи муҳим илмий манба сифатида эътироф этилди.
Қирғқалъа университети ректори, профессор Эрсан Аслан TÜRKÜNİB доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар ёшларни илм-фанга жалб этиш ва туркий академик маконнинг рақобатбардошлигини оширишда муҳим ўрин тутишини қайд этди.
Ассамблея якунида 20 дан ортиқ ҳамкорлик шартномалари имзоланди. Унда Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Кубаничбек Омуралиев, Туркий академия президенти Шахин Мустафоев ҳамда Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Сардор Раджабов ҳам иштирок этди.
Туркий давлатлар халқаро университети бугунги кунда туркий цивилизацияни юксалтириш ғоясини амалда рўёбга чиқариб, илм-фан ва инновациялар орқали ёш авлодни янги марраларга етаклаётган муҳим таълим марказига айланиб бормоқда. Бу йўналиш, ўз навбатида, туркий дунё янги Уйғониш даврига кириб бораётганини ифодалайди.


