Туркияда 6,1 магнитудали зилзила: 22 киши жароҳатланди
Эрдўған зилзила оқибатларини бартараф этиш жараёнини шахсан назоратга олди.

Туркиянинг Баликасир вилоятига қарашли Синдирги шаҳрида 27 октябрь куни 6,1 магнитудали зилзила юз берди. Бу ҳақда Туркия фавқулодда вазиятлар бошқармаси — AFAD хабар берди.
Маълумотларга кўра, зилзила маркази ер юзасидан 6 километр чуқурликда жойлашган. Кучли силкиниш оқибатида учта бино ва бир нечта савдо дўконлари қулаб тушган. Ҳодиса 28 октябрь куни тонгда (Тошкент вақти билан соат 00:48 да) қайд этилган.
Президент Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳодисадан сўнг барча тегишли хизматлар, жумладан, AFAD томонидан қутқарув ва назорат ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.
“Биз жараённи диққат билан кузатиб бормоқдамиз. Мутаҳассислар жабрланган ҳудудларда фаолият юритмоқда”, — деди Эрдўған ўзининг X (Twitter) саҳифасида.
Расмий маълумотларга кўра, Баликасир вилоятида 6,1 магнитудали зилзиладан сўнг 102 та такрорий силкиниш (афтершок) қайд этилган. Улардан энг кучлисининг магнитудаси 4,3 ни ташкил этган.
Зилзила оқибатида 22 киши тан жароҳати олган, уларнинг 18 нафарига тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйларига жавоб берилган. Фавқулодда хизматлар айни дамда зарар кўламини баҳолаш ва хавфсизлик чораларини кучайтириш ишларини давом эттирмоқда.







