Уч нафар хитойлик астронавт орбитада қолиб кетди
Маълум бўлишича, уланинг космик капсуласи шикастланган.

Хитойнинг Shenzhou-20 космик миссияси доирасида Tiangong орбитал станциясида хизмат қилаётган уч нафар астронавтнинг Ерга қайтиши номаълум муддатга кечиктирилди. Расмий маълумотларга кўра, уларни қайта олиб келиши керак бўлган қайтиш капсуласи космик чиқиндилар билан тўқнашган бўлиши эҳтимоли бор. Шу сабабдан хавфсизлик чораси сифатида астронавтлар ҳозирча станцияда қолмоқда.
Капсула юзасида шикастланиш эҳтимоли аниқлангач, парвоз бошқарув маркази қўшимча техник диагностика ўтказиш, иссиқликдан ҳимоя қопламаси ва қайтиш тизимларининг ишончлилигини қайта баҳолашга қарор қилган.
Астронавтлар — Чен Дун, Чен Жунжуй ва Ван Цзе — станциядаги вазифаларини давом эттирмоқдалар. Уларнинг ҳаёти ёки соғлиғи учун ҳозирча бевосита хавф йўқлиги маълум қилинган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, орбитадаги энг катта муаммолардан бири — космик чиқиндилардир. Спутниклар парчалари, ракета бўлаклари, бузилган қурилмалар қолдиқлари ва ҳатто миллиметр ўлчамдаги металл қисмичалар ҳам улкан тезликда ҳаракат қилади ва аппаратга урилиши оқибатида қопламани тешиб ўтиши ёки иссиқлик ҳимоясини издан чиқариши мумкин.







