1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Жаҳон

Украинада сайловлар учун маблағ етарли эмас

Сайловларни ўтказиш харажатлари 480 миллион долларгача етиши мумкин.

Украинада сайловлар учун маблағ етарли эмас

Украина президенти идораси мамлакатда яқин муддатда сайловларни ўтказиш учун молиявий имкониятлар мавжуд эмаслигини маълум қилди.

 

Президент девонининг маслаҳатчиси Михайло Подолякнинг айтишича, давлат бюджетига ҳозирча бошқа устувор йўналишлар — мудофаа, сафарбарлик ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари биринчи ўринда турибди.

 

Подоляк Novyny.LIVE нашрига берган интервьюсида Украинада бюджет тақчиллиги юқори эканини, шу сабабли сайловларни молиялаштириш имконсизлигини таъкидлади.

 

Маълум қилинишича, 2026-йилги давлат бюджети даромадлари 2,918 триллион гривна, харажатлари эса 4,781 триллион гривнани ташкил этади.

 

Натижада бюджет тақчиллиги қарийб 1,863 триллион гривна ёки 47,5 миллиард долларга тенг.

 

Унинг сўзларига кўра, мавжуд молиявий ресурслар асосан ҳарбий эҳтиёжлар ҳамда аҳолининг иқтисодий йўқотишларини қоплашга йўналтирилмоқда.

 

Подоляк бу борада махсус ишчи гуруҳ тузиш ва парламент даражасида харажатларни батафсил ҳисоблаш зарурлигини билдирди.

 

Украина Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, 2019-йилги президентлик сайловлари бюджетга қарийб 2 миллиард гривнага тушган. Амалдаги иқтисодий шароит ва инфляцияни инобатга олган ҳолда, ҳозирги кунда президентлик сайловларининг биринчи босқичи 4–5 миллиард гривна, иккинчи босқичи эса 6,5–7 миллиард гривнани талаб қилади. Агар барча даражадаги сайловлар ўтказилса, умумий харажатлар 20 миллиард гривнага, яъни қарийб 480 миллион долларга етиши мумкин.

 

Эслатиб ўтилишича, Украинада президентлик сайловлари 2024-йил март ойида бўлиб ўтиши керак эди, бироқ мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этилгани сабабли номаълум муддатга қолдирилган. Президент Владимир Зеленский сайловлар фақат сулҳ тузилгандан ёки ишончли хавфсизлик кафолатлари таъминланганидан кейингина ўтказилиши мумкинлигини таъкидлаган.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика