Усмоновнинг адвокатлари Германия конституцион судига даъво киритди
Миллиардер 1 йилдан буён ЕИ санкциялари остида қолмоқда.

Алишер Усмоновнинг адвокатлари миллиардерга қарши Евроиттифоқ санкциялари устидан Карлсруэдаги Германия конституцион судига мурожаат қилмоқчи. Бу ҳақда Suddeutsche Zeitung газетаси маълум қилди.
Унинг маълумотларига кўра, адвокатлар тадбиркорга қарши жорий этилган чекловлар ГФР асосий қонунига зид эканини исботламоқчи. Юридик хулоса муаллифи профессор Дитрих Мурсвик бўлиб, ҳужжат 110 саҳифадан иборат. Унда қайд этилишича, ЕИ ўз "қора рўйхати"га Украина низосига жавобгар бўлмаган шахсларни киритиши инсоний қадриятларга зид ҳисобланади.
Газета маълумотларига кўра, Мурсвик ушбу ҳужжатни Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси топшириғи билан ёзган. Маълумотномада адвокат Евроиттифоқ хатолик туфайли санкциялар киритган шахсларни ҳимоя қилади.
"Бу одамлар ташқи сиёсат туфайли гаровга олинди", — дейилади ҳужжатда.
Шу билан бирга 110 саҳифали хулосада Алишер Усмоновнинг исми келтирилмаган.
ЕИ 2022йил 28 февралда Усмоновни бошқа россиялик бизнесменлар қатори "қора рўйхат"га киритганди. Унга Евроиттифоққа кириш тақиқланган, активлари музлатилган.







