Хитой АҚШнинг бож сиёсатини “иқтисодий ҳазил” деб атади
Хитой яна бир бор АҚШдан импорт қилинадиган маҳсулотларга бож ставкасини оширди — эндиликда бу кўрсаткич 125 фоизга етди.

Хитой Молия вазирлиги берган баёнотда айтилишича, оширилган бож ставкаси “охирги марта” амалга оширилган бўлиб, агар АҚШ бож ставкаларини яна оширса, бу иқтисодий жиҳатдан ҳеч қандай мантиққа эга бўлмаслигини таъкидламоқда. Баёнотда шунингдек, АҚШнинг ҳаракатлари халқаро иқтисодий саҳнада уни кулгили ҳолатга тушираётгани ҳам айтилган.
Трамп 2024 йил февраль ойида Хитой маҳсулотларига дастлаб 10 фоизлик бож жорий қилган эди. Кейинчалик бу ставка босқичма-босқич кўтарилиб, ҳозирда 145 фоизга етди. Хитой эса шу кунгача ҳар бир тариф оширилишига жавобан ўз бож ставкаларини ошириб келган.
Хитойнинг сўнгги баёнотига кўра, 125 фоизлик янги тарифдан сўнг АҚШ маҳсулотларига бўлган бозор талаби деярли қолмаган. “Демак, бож ставкаларини яна оширишнинг фойдаси йўқ. Агар АҚШ бу рақамлар билан ўйнашни давом эттирса, Хитой бу ҳаракатларни эътиборсиз қолдиради,” — дейилади расмий хабарда.
Шунга қарамай, Хитой бошқа жавоб чораларини истисно қилмаяпти. Баёнот сўнггида шундай огоҳлантириш ҳам бор: “Агар АҚШ Хитой манфаатларига жиддий зарар етказишда давом этса, Хитой қатъий жавоб қайтаради ва охиригача курашади.”
Сўнгги бир ҳафта ичида Хитой бир нечта америкалик компаниялар учун импорт ва экспорт ҳуқуқларини чеклади. Кеча эса Голливуд фильмларининг мамлакатда намойиш этилиш сонини қисқартиришини эълон қилди.







