Хориждан ўқишни кўчириш бўйича аризаси қабул қилинганлар 14 августгача тўлов қилиши керак
Ариза топширган талабгорларнинг маълумотлари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда олий таълим муассасалари томонидан текширилиб, белгиланган талабларга тўғри келганлари «қабул қилинди», тўғри келмаганлари эса «рад этилди».

Бу ҳақда ДТМ хабар бермоқда. Белгиланган талабларга тўғри келмаганлиги сабабли аризаси рад этилган талабгорларга аризаларни қабул қилиш якунлангандан сўнг ҳам қайта ариза юборишлари учун қўшимча имконият берилди.
Хориждан ўқишни кўчириш бўйича аризаси қабул қилинган талабгорларга тест синовида иштирок этиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг ярим баравари (122.500 сўм) миқдорида тўловни амалга ошириш учун инвойс шакллантирилди.
Aризаси қабул қилинган талабгорлар transfer.dtm.uz сайти орқали шахсий кабинетидан инвойсни юклаб олишлари ва Click, Payme, UPAY, Paynet каби электрон тўлов тизимлари ёки банк кассалари орқали 14 августга қадар тўловни амалга оширишлари мумкин.
Тест синовлари учун тўловни белгиланган муддатда амалга оширмаган талабгорларнинг аризаси инобатга олинмайди ва тест синовларида иштирок эта олмайди.







