Янги маҳаллий парранда зоти яратилади
У 2026 йилда тақдим этилиши кутилмоқда.

2026 йилда Ўзбекистонда маҳаллий янги парранда зоти пайдо бўлиши кутилмоқда. Ушбу лойиҳа йирик агропарранда кластери доирасида амалга оширилмоқда. Мамлакатда 1 миллион тонна парранда гўшти етиштириш режалаштирилган.
Қишлоқ хўжалиги вазири Самарқанддаги “Навобод наслли парранда” фермер хўжалигига ташриф буюриб, агропарранда кластери лойиҳаси тақдимоти билан танишди. Мазкур хўжалик йилига 17 минг тонна парранда гўшти ва 75 миллион дона инкубацион жўжа етиштириш қувватига эга. Янги кластер ишга тушгач, 100 минг бош наслли ота-она галаси, 5 миллион бош иккинчи тартибли наслли парранда ва 875 миллион дона тухум ишлаб чиқарилади.
Лойиҳа доирасида 700 миллион тонна озуқа ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилади. Бундан ташқари, экспорт ҳажми 180 миллион АҚШ долларига етиши кутилаяпти. Шунингдек, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида ҳам паррандачилик соҳасини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилмоқда.
Самарқанд вилоятида “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида жўжа етиштириш лойиҳаси бошланган. Бу тизим орқали маҳаллий аҳолининг даромадини оширишга эришиш мумкин. Мисол учун, бир оила 40 кун ичида 500 бош жўжани етиштириб, 9 миллион сўмгача фойда олиши мумкин.







