Европа Иттифоқи Мисрга 7,4 миллиард евро ажратади
Маблағлар мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш учун йўналтирилади.

Европа Иттифоқи Ғазо сектори ва Судандаги можаролар бу мамлакатда молиявий муаммоларни ёмонлаштириши ва Европага миграция босимини кучайтириши мумкинлигидан хавотирланиб, Миср иқтисодиётини мустаҳкамлаш учун грант ва кредитлар кўринишида ёрдам беришга тайёр, деб ёзади Британия газетаси Financial Times.
FT ёзишича, Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен томонидан 17 март куни Греция, Италия ва Белгия бош вазирлари билан Қоҳирага қўшма ташрифи чоғида Брюссел ва Шимолий Африка мамлакатлари, жумладан, Тунис ва Мавритания, ўртасида “Европа атрофидаги иқтисодий беқарорлик ва Африкадан ноқонуний миграциянинг олдини олишга” қаратилган бир қатор битимлар имзоланади.
Миср билан режалаштирилган келишув ҲАМАС ҳаракатининг Исроилга ҳужуми ва Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий жавоби ортидан бир неча ой давом этган музокаралар натижасидир.







