Тошкентда бундан буён жамоат транспорти автобусларида йўлкирани нақд кўринишда тўлаганлар жаримага тортилади. Бу ҳақида Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси бошлиғи ўринбосари Аллаёр Норбўтаев маълумот берди.
Қайд этилишича, автобусда тўловнинг фақат икки кўриниши мавжуд: карта орқали тўлов (1700 сўм) ва бекатлардаги инфокиоск ва шохобчалардан чек олиб, тўлов қилиш (3 минг сўм).
Йўлкира учун тўловни нақд кўринишда бериш ва олиш тақиқланади. Норбўтаевнинг айтишича, Транспорт инспекцияси ва махсус назорат гуруҳи йўл ҳақини нақд тўламоқчи бўлган йўловчиларни "Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс"нинг 144-моддаси бўйича жавобгарликка тортиши мумкин.
Транспорт назорати инспекцияси вакилига кўра, нақд тўловни қабул қилган ҳайдовчи ҳам жазоланиши мумкин. Агар ҳолат биринчи марта содир бўлса, огоҳлантириш берилади.


