АҚШда кучли ёғингарчилик катта талафотлар келтирмоқда
41 миллион киши хавф остидалиги таъкидланмоқда.

АҚШнинг марказий ҳудудида давом этаётган кучли ёмғирлар ҳалокатли сув тошқинларига сабаб бўлиб, камида 16 кишининг ҳаётига зомин бўлди. Бу ҳақда фавқулодда хизматлар ва Миллий об-ҳаво хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, бўронларни аниқлаш маркази Огаё водийсидан тортиб Техаснинг жануби-шарқигача бўлган ҳудудда тахминан 41 миллион киши хавф остида эканини билдирди. Хусусан, Арканзас, Миссури, Теннесси ва Миссисипи штатларида 4-даражали, энг юқори даражадаги сув тошқини огоҳлантирувлари эълон қилинган.
Ёғингарчилик натижасида кўплаб ҳудудларда фавқулодда эвакуация ишлари олиб борилмоқда, кўплаб автомобиль йўллари вақтинча ёпилган. Фақат шанба кунининг ўзида 6000 дан ортиқ авиақатновлар кечиктирилган, кенг кўламли электр энергияси узилишлари юзага келган.
Метеорологлар бундай кучли ёғингарчиликни “бўрон мавсуми ташқарисида камдан-кам кузатиладиган ҳодиса” сифатида баҳоламоқда.







