Бўстонлиқда «Sky Camp» спорт фестивалига старт берилди
Бугун Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида «Sky Camp» спорт ва мусиқа фестивалининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирни Бош вазир ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов очиб берди. Шундан сўнг тоғ велопойгасига старт берилди.


"Sky Camp" Бўстонлиқ спорт фестивали 18-19 сентябрь кунлари Бўстонлиқ туманидаги Амирсой тоғ курорти ва «Чорвоқ оромгоҳи» дам олиш масканларида бўлиб ўтади.

Спорт дастуридан "Sky Camp Run" — тоғ чўққисига қараб 4 км (вертикал километр) масофага югуриш, "Sky Bike" — узунлиги 11 км бўлган тоғ велопойгаси, "Sky Camp Kwim" — Чорвоқ сув омбори ҳудудида 1 км ва 500 м масофага сузиш, "Sky Camp Zen" — уч хил фаолликни бирлаштирган тадбир: йога, 2 км масофага югуриш ва медитация каби мусобақалар ўрин олган. Мазкур тадбирда спорт дастуридан ташқари, иштирокчи ва меҳмонлар анъанавий ҳамда замонавий мусиқий чиқишлардан баҳраманд бўлади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилда Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан учта пойгадан иборат тадбирлар cериясини ташкил этиш режалаштирилган.
Аввалроқ бокс бўйича жаҳон чемпионатининг соврин жамғармаси эълон қилингани ҳақида хабар берган эдик.
Жамшидбек Амиров







