Жаҳон тожи учун кураш бошланди: Синдаров ва Гукеш ҳисобни тенг очколар билан бошлади
Синдаров ва Гукеш ўртасидаги баҳс жаҳон чемпионлиги тарихидаги энг ёш матч бўлди.

Жавоҳир Синдаров Женевада давом этаётган жаҳон чемпионлиги матчининг илк партиясини амалдаги чемпион, ҳиндистонлик Гукеш Доммаражу билан дуранг натижа билан якунлади. Оқ доналар билан ўйнаган ўзбекистонлик шахматчи дебютда камдан-кам учрайдиган юришни танлади. Иккинчи партияда Синдаров қора доналарни бошқаради.
Гроссмейстер Жавоҳир Синдаров 24 ноябрь куни классик шахмат бўйича жаҳон чемпиони унвони учун титул эгаси Гукеш Доммаражу билан Швейцария Федерал Республикаси Женева шаҳри яқинидаги Колоньи шаҳарчасида ўтказган партиясини 38-юришда тугатган. Матч ҳисоби 0,5:0,5.
Синдаров ва Гукеш ўртасидаги баҳс жаҳон чемпионлиги тарихидаги энг ёш қарама-қаршиликка айланди: икки гроссмейстер ҳам 20 ёшда.
Ўйин давомида Синдаров вақт бўйича сезиларли устунликка эришган. 20-юришдан кейин Гукешда кейинги 20 юриш учун тахминан 16 дақиқа қолган бўлса, Синдаровнинг соатида 55 дақиқадан кўпроқ вақт бор эди. Шунга қарамай, ҳиндистонлик гроссмейстер мувозанатни сақлаб қола олган.
Аввалги матчлар қандай бошланган?
2013 йилдан бери жаҳон тожига бўлган саккизта учрашувнинг еттитаси дуранг билан бошланган. Ягона истисно 2024 йилдаги Сингапур матчида оқ доналар билан ўйнаган Гукеш биринчи партияда хитойлик гроссмейстер Дин Лиженга ютқазган, аммо охирида чемпионлик унвонини қўлга киритган.
Кейинги партиялар қачон?
Иккинчи партия 25 ноябрь куни Тошкент вақти билан соат 19:00 да бошланади, Синдаров қора доналарда ўйнайди. Учинчи партия 26 ноябрга режалаштирилган, ундан кейин шахматчиларга дам куни берилади.
Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) регламентига кўра, матч классик вақт назоратида кўпи билан 14 та партиядан иборат. Биринчи бўлиб 7,5 очко тўплаган ўйинчи жаҳон чемпионига айланади. 14 партиядан кейин ҳисоб 7:7 бўлса, ғолиб 12 декабрь куни тай-брекда аниқланади. Матчнинг умумий соврин жамғармаси 2,5 миллион доллар. Классик партиядаги ҳар бир ғалаба учун шахматчи 200 минг доллардан олади, қолган маблағ иштирокчилар ўртасида тенг бўлинади.








