U-17 ЖЧ: Ўзбекистон Италияга ютқазди
Мағлубиятга қарамасдан, ўзбекистонлик футболчилар гуруҳдан чиқиш имкониятини сақлаб қолди.

Қатарда ўтказилаётган FIFA U17 Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси гуруҳ босқичидаги сўнгги учрашувини Италияга қарши ўтказди. Сергей Чигодаев шогирдлари 1:3 ҳисобида мағлуб бўлди.
26 ноябрь куни E гуруҳининг учинчи турида бўлиб ўтган баҳсда ҳисобни 7-дақиқада италиялик Томмазо Казагранде очди. 31-дақиқада Федерико Крочи пенальтидан фойдаланиб, фарқни оширди. Биринчи бўлимга қўшиб берилган вақтда Томас Кориляно Италия терма жамоасининг учинчи голини киритди.
Ўзбекистон терма жамоаси сафида ягона гол 75-дақиқада Суҳроб Садржонов томонидан урилди.
Шу тариқа, Ўзбекистон U17 терма жамоаси гуруҳ босқичини 3 очко ва 8:7 тўплар нисбати билан якунлаб, E гуруҳида учинчи ўринни эгаллади. Италия 9 очко билан биринчи, Кот-дъИвуар эса 6 очко билан иккинчи бўлди.
Ўзбекистонлик футболчилар мусобақанинг кейинги босқичига чиқиш имкониятини сақлаб қолмоқда. Турнир регламентига кўра, гуруҳда учинчи ўринни эгаллаган 12 та жамоа орасидан энг яхши натижа қайд этган 8 таси 1/16 финалга йўл олади.








