“Электр таъминотида чекловлар киритилмоқда”
Расмийлар ҳудудлардаги “свет” ўчишига изоҳ берди.

Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида электр таъминотида узилишлар кузатилмоқда. Бу ҳақда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ хабар қилмоқда.
Таъкилданишича, республикага кириб келган совуқ ҳаво оқими, айни пайтда кўплаб ҳудудларда қалин қор ёғиши ва ҳароратнинг кескин тушиб кетиши натижасида электр энергиясига бўлган талаб cезиларли даражада ортган.
Ана шундай вазиятда магистрал газ қувурлари ва тармоқларида табиий газ босимининг кескин пасайиши кузатилиб, электр энергияси ишлаб чиқарувчи иссиқлик электр станцияларига белгиланган ҳажмлардан кам миқдорда табиий газ етиб бориши натижасида электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми ҳам мос равишда тушиб кетишига сабаб бўлмоқда.
Жорий йилнинг 4 декабрь куни республика бўйича электр энергияси истеъмоли 219 млн киловатт соатни ташкил этган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 22 млн киловатт соат ёки 11 фоизга кўп. Шунингдек, декабрь ойининг дастлабки 4 кунида республика бўйича истеъмол ҳажми 875 млн киловатт соатни ташкил этиб, бу ўтган йилга нисбатан 93 млн киловатт соат ёки 12 фоизга кўп.
“Энергетика тизимининг барқарор ишлашини таъминлаш ва электр энергия ишлаб чиқариш объектлари, юқори ва паст кучланишли электр тармоқлари ҳамда трансформатор пунктларида йирик авариялар вужудга келишини олдини олиш мақсадида Республикамизнинг турли ҳудудларида электр таъминотида чекловлар киритилмоқда”, — дейилади хабарда.








