Икки вилоятда суд бошқарувчилари пора билан ушланди
ДХХ бу бўйича тезкор тадбирлар ўтказди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон суд бошқарувчилари ассоциациясининг Самарқанд вилояти бўлими суд бошқарувчиси тумандаги оилавий корхонани тугатиш бошқарувчиси этиб тайинланган.
У корхона фаолиятини текшириш давомида, амалдаги қонун ҳужжатлари талабларини бузган ҳолда 1 миллиард 916 миллион сўм пул маблағи бошқа шахсларга ўтказиб юборилганлиги аниқлаган ва ушбу пул маблағи қайтарилмасдан корхонани банкрот деб эълон қилиш масаласини ҳал қилиб бериш эвазига 1200 АҚШ доллари талаб қилган.
Ўтказилган тезкор тадбирда суд бошқарувчиси сўралган пул маблағини олган вақтида ушланган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон суд бошқарувчилари ассоциациясининг Бухоро вилояти бўлими суд бошқарувчиси Шофиркон туманидаги масъулияти чекланган жамиятни тугатишга масъул этиб тайинланган.
Лекин, у МЧЖ раҳбарини ишончига кириб, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан қайта текширув ўтказилмаслиги ҳамда давлат реестридан чиқаришда суд ва солиқ идораларидаги мансабдор танишлари орқали ёрдам бериш эвазига 1000 АҚШ доллари талаб қилиб, муқаддам 200 АҚШ доллари олган.
Суд бошқарувчиси қолган 800 АҚШ долларини олаётган пайтида ушланган.







