NYT: Санкцияларга қарамай, Россия янги ракеталар ишлаб чиқарган
Ноябрь ойида Киевга учирилган ракеталарнинг бири ёзда, яна бири сентябрда ишлаб чиқарилгани аниқланган. Бу Москванинг санкцияларга қарамай, юқори технологияларни сотиб олишда давом этаётганини англатади.

Россиянинг ноябрь охирида Украина инфратузилмасига берган айрим ракеталари Ғарб санкцияларидан бир неча ой ўтиб яратилган. Бу ҳақда New York Times хабар берди.
Conflict Armament Research гуруҳи экспертлари юқоридаги хулосага келган. Улар 23 ноябрда Киевда топилган Х-101қанотли ракеталари қолдиқларини ўрганган. Бу ракета шу йилнинг ёзида тайёрланган. Яна бири эса сентябрда ясалгани айтилмоқда.
Экспертлардан бирининг сўзларига кўра, Москванинг Х-101 каби бошқариладиган ракеталарни ишлаб чиқаришда давом этиши унинг техникалар, ярим ўтказгичлар ва керакли эҳтиёт қисмларини бошқа бозорлардан топаётганидан далолат беради.







