Оқдарёда фуқаро давлат ерини 120 минг долларга сотмоқчи бўлди
У тезкор тадбир давомида қўлга тушган.

Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманида давлат ерини 120 минг АҚШ долларига пулламоқчи бўлган шахс ушланди.
Маълум қилинишича, ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.
Тадбир давомида 1964 йилда туғилган, Оқдарё туманида яшовчи Р.Ш. ушбу тумандаги фермер хўжалигига тегишли бўлган 2,7 гектар ер майдонининг 1,5 гектар қисмини тамагирлик йўли билан маҳаллий фуқарога 120 000 АҚШ долларига сотишга келишиб, ушбу маблағнинг 60 000 АҚШ долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга тушган.
Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.







