Самарқандда қадимий тангаларни четга олиб кетаётган шахс аниқланди
Ҳозирда ҳолат юзасидан божхона органлари суриштирув ўтказмоқда.

Cамарқанд аэропортида қадимий тангаларни четга олиб чиқиб кетаётган шахс ушланди. Бу ҳақда вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, “Самарқанд–Внуково” йўналишидаги авиарейс билан хорижга кетаётган фуқаро А. А.нинг багаж сумкаси рентген аппарати ёрдамида божхона назоратидан ўтказилган. Унинг сумкасидан Кушонлар даврига оид 5 дона қадимий тангалар, 3 дона тарози калибровкасини ўлчайдиган қадимий металлар ҳамда 1 донадан 7,62 калибрли гилза ва отилган ўқ қолдиғи борлиги аниқланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Қонунга кўра, эллик йил муқаддам ва ундан ҳам олдинроқ яратилган маданий бойликларни Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқилиши мумкин эмас.








