Шахмат бўйича халқаро турнирда етакчилар сараланмоқда
Шахмат бўйича халқаро турнирда етакчилар сараланмоқда.


16 август куни пойтахтимиздаги Халқаро шахмат академиясида старт олган халқаро гроссмейстер Георгий Агзамов хотирасига бағишланган ўн тўртинчи анъанавий халқаро мусобақада 3-тур ўйинлари ортда қолди. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Эътиборлиси, дунёнинг 12 та давлатидан 150 нафар ақл-идрок соҳиблари қатнашаётган ушбу мусобақанинг «А» гуруҳида ҳозирча ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов мағлубиятсиз одимламоқда. Турнирнинг 1- рақамли иштирокчиси Абдусатторов 3-турда қора доналарда ўйнаганига қарамай беларуслик Кирилл Спивакни мағлуб этди. Мусобақада ғолибликка асосий даъвогарлардан бири арманистонлик Шант Саргисян ҳам ҳозирча 100 фоизлик натижа қайд этиб турибди.
У 3-турда озарбайжонлик халқаро гроссмейстер Мурадли Муҳаммад устидан ғалаба қозонди. Шунингдек, ҳозирча яна бир арманистонлик шахматчи Тигран Арутунян ҳамда Эрон вакили Ариан Голами ҳам 3 ўйиндан 3 очко жамғарган ҳолда етакчилар сафида бормоқда. Ёш, умидли шахматчимиз Ҳумоюн Бекмуродовнинг 2,5 очко билан 5-8-ўринлардан жой олиб турганлиги таҳсинга лойиқ. Ҳамюртларимиздан Нодирбек Ёқуббоев ҳамда Бобир Сатторов ҳам худди шунча очко жамғарган.
Жамшид Амиров







