Сирдарёда машина каналга тушиб кетди: тўрт йўловчи ҳалок бўлди
Фақат ҳайдовчи омон қолган.

Сирдарё вилоятида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида тўрт нафар йўловчи ҳалок бўлди, фақат ҳайдовчи омон қолди.
Миллар дастурида хабар берилишича, жорий йилнинг 26 декабрь куни тахминан соат 21:30 да 2001 йилда туғилган ҳайдовчи стадиондан тўрт нафар танишини олиб, уларнинг яшаш манзили томон йўлга чиққан. Ҳаракат давомида ҳайдовчи бошқарувни йўқотган ва автомобиль йўловчилари билан бирга каналга тушиб кетган.
Ҳайдовчи чўкаётган автомобилдан чиқишга муваффақ бўлган ва шифохонага ётқизилган.
Автомобилда бўлган 19–20 ёшли тўрт нафар йўловчи эса сувга чўкиб ҳалок бўлган. Уларнинг барчаси бир маҳаллада яшагани қайд этилди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди — одамлар ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.







