Вазирлар ва қўмита раиси болалик хотиралари билан бўлишди
Бугунги Ўзбекистон вазирлари — чўпон бола, Германияда туғилган қизалоқ, қўрқмас йигитча, ва томорқа зиммасида бўлган ўспирин.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов 1963 йил 24 март куни Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманида туғилган.
“Катта оилада ўсганман. 10 нафар фарзанднинг бешинчисиман. Отам давлат хизматчиси бўлган, тарбиямиз билан онам шуғулланган. Ўйнашга вақтимиз бўлмасди. Мактабдан кейин чорва, томорқа зимамизда эди. Китоб ўқиш, дарс қилишимизни дам олишдек қабул қилардик”.
Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев 1981 йил 12 апрель куни Фарғона вилоятида туғилган. Болалиги Самарқанд вилоятида ўтган.
“Жуда шўх бўлганман, 9 қаватли уйнинг зинапояси (пожарний)га осилиб чиқиб, пастга тушиш мен учун оддий машғулот бўлган — қўрқмас, тўхтамас бола эдим. Эрта улғайгансан, дейишади. Ростдан ҳам шундай бўлган — мен мактабга ҳам тенгдошларимдан эртароқ борганман. 15 ёшимда талаба бўлдим”.
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова 1988 йилда Германиянинг Веймар шаҳрида туғилган.
“Германияда туғилиб, мактаб ёшигача ўша ерда катта бўлдим. Кейин Тошкентга келиб, мактабда ўқидим”.
Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов 1975 йил Наманган вилояти Чуст туманида туғилган. Болалиги олис қишлоқда ўтган.
“Болаликда менга топширилган энг муҳим юмуш қўй боқиш бўлган. Эрталаб иккита нонни белимизга тугиб, далага қўй боқишга кетардик, кечқурун қўйни ҳайдаб яна ортга қайтардик”.







